Манзил:
Ўзбекистон,  
Фарғона ш.,
Маърифат кўчаси 31 А

Телефонлар:
(+998 73) 244-00-56
(+998 73) 244-12-86

Кутубхонанинг иш тартиби: 8:00 дан 18:00 гача

Дам олиш куни: якшанба, душанба.

Тозалик куни: ҳар ойнинг охирги жумаси

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ ЙИГИРМА ЙИЛЛИГИНИ НИШОНЛАШГА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ ВА УНИ ЎТКАЗИШ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси ўз давлат мустақиллигини қўлга киритган буюк тарихий сана - 1 сентябрь халқимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий ҳаётида беқиёс ўрин тутадиган, ҳар йили энг улуғ, энг азиз байрам сифатида катта шоду хуррамлик билан нишонланадиган қутлуғ айёмдир. Бу йил Ватанимиз мамлакатимиз истиқлолининг шонли санасини - миллий мустақиллигимизнинг йигирма йиллигини баланд руҳ ва кўтаринки кайфият билан кутиб олишга тайёргарлик кўрмокда.

Тарихан қисқа бир даврда, аввало, эл-юртимизнинг хоҳиш-иродаси, куч-қудрати, машаққатли ва бунёдкорона меҳнати эвазига жаҳон харитасида янги, ўз кучи ва салоҳиятига таянган, бугун тараққиёт йўлидан барқарор суръатлар билан ривожпаниб бораётган мустақил, суверен Ўзбекистон давлатининг пайдо бўлиши, ҳеч шубҳасиз, халқимизнинг тарихий ғалабасидир.

Айниқса, мамлакатимизда демократик давлат, фуқаролик жамиятини барпо этиш, иктисодиётимизни бозор муносабатларига ўтказиш ва ривожланган давлатлар қаторидан муносиб жой олиш йўлида эришган марраларимиз жаҳон аҳлини ҳақли равишда ҳайратда қолдирмокда.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда ўтган давр мобайнида қўлга киритган ютуқ ва натижаларимизни, мамлакатимизнинг салоҳияти ва қудрати, унинг халқаро майдонда нуфузи тобора юксалиб бораётгани, туб ислоҳотларимизнинг моҳияти ва аҳамиятини аҳолининг кенг қатламларига янада чуқурроқ очиб бериш ва халқаро жамоатчиликка етказиш учун тегишли ташкилий-амалий, маданий-маърифий тадбирлар, тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириш эътибор марказида бўлиши зарур.

Айни шу вазифаларни инобатга олган ҳолда ва байрам тадбирларини ватандошларимиз, хусусан, ёш авлод қалбида чуқур таассурот қолдирадиган юқори савияда ўтказиш мақсадида:

1.   Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма йиллигига бағишлаб ишлаб чиқилган ташкилий-амалий, маданий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастури 1-иловага, Тошкент шаҳрида ўтказиладиган асосий байрам томошаси дастурини тайёрлаш бўйича ижодий гуруҳ таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Байрамни ўтказиш билан боғлиқ барча тайёргарлик ишлари ва тадбирларни "Буюк ва муқаддассан, мустақил Ватан!" деган шиор остида ташкил этиш мақсадга мувофиқ, деб топилсин.

3.   Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича республика комиссияси (Ш. Мирзиёев) томонидан:

  • комиссия йиғилишларида дастурда белгиланган чора-тадбирлар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида қандай амалга оширилаётгани юзасидан маҳаллий ҳокимликлар, вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ҳисоботи мунтазам равишда эшитиб борилсин;
  • байрам тантаналари арафасида фойдаланишга топшириладиган ишлаб чиқариш, ижтимоий-маданий объектларни ўз вақтида ишга тушириш чоралари кўрилсин;
  • мамлакатимиз ёшлари - умумий ўрта таълим, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, олий таълим муассасалари талабалари учун мўлжалланган алоҳида тадбирлар режаси амалга оширилсин;
  • ўрта махсус, касб-хунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида "Баркамол авлод" спорт ўйинларини (Термиз шаҳрида), мамлакатимиз ёшлари иштирокида "Биз - йигирма ёшдамиз" форумини, меҳнат ва ўқув жамоалари ўртасида спорт турлари бўйича "Мустақиллик кубоги" мусобақалари ва марафонини юқори савияда ўтказишга алоҳида эътибор қаратилсин;
  • анъанавий "Шарқ тароналари" халқаро мусиқа фестивалини, ёш ижрочилар ўртасида "Ниҳол", истеъдодли ёшлар ўртасида "Келажак овози", журналистика соҳасида "Энг улуғ, энг азиз", "Олтин қалам", "Озод юрт тўлқинлари", замонавий санъат ва фольклор ижодиёти соҳасида "Навқирон Ўзбекистон", "Асрлар садоси" республика танловларини, шунингдек, янгитдан ташкил этилаётган "Истиқлол тарих кўзгусида" (мустақиллик тарихини ёритишга бағишланган энг яхши илмий ва илмий-оммабоп ишлар учун), "Ватан учун яшайлик" (насрий ва шеърий йўналишдаги энг яхши асарлар учун), "Сени куйлаймиз, замондош!" (театр санъати соҳасидаги энг яхши асарлар учун), "Истиқлол солномаси" (кино санъати соҳасидаги энг яхши асарлар учун), "Ранглар жилосида - она диёр" (тасвирий санъат соҳасидаги энг яхши асарлар учун) танловларини юқори даражада ўтказиш таъминлансин.

Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма йиллигига бағишлаб ташкил этилаётган янги кўрик-танловларни ўтказиш тартиби, мукофотларнинг миқдори ва даражаси, ғолибларни аниқлаш ва тақдирлаш мезонларини ишлаб чиқсин ва қабул қилсин.

4.   Республика Маънавият ва маърифат кенгаши томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида мустақилликнинг йигирма йиллик байрамига бағишлаб аҳолининг кенг қатламлари ўртасида маърифий учрашувлар, жонли мулоқот ва суҳбатлар, адабий-бадиий кечалар, маданий тадбирлар ўтказиш мақсадида таниқли олимлар, адиб ва санъаткорлардан иборат маънавий-маърифий тарғибот гуруҳлари ташкил этилсин ҳамда уларнинг белгиланган режа асосида фаолият олиб бориши таъминлансин.

5.   Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, вазирлик ва идоралар ҳамда жамоат ташкилотлари раҳбарларига:

  • ўн кун муддатда байрамга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ҳудудий комиссияларни тузиш ҳамда улар томонидан амалга ошириладиган вазифаларни аниқ белгилаб бериш;
  • жойларда юбилейга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни ишлаб чиқишда янги ижодий кучларни, истеъдодли ёшларни кенг жалб этиш вазифаси юклатилсин.

Мазкур режа ва дастурлардан ўрин олган тадбирларни кенг жамоатчиликни жалб этган ҳолда, барча юртдошларимизнинг қалби ва онгига етиб борадиган, уларнинг руҳи ва кайфиятини кўтарадиган, янги марралар сари илҳомлантирадиган таъсирчан шаклда, расмиятчилик ва баландпарвозлик кўринишларидан холи тарзда ўтказишга алоҳида эътибор қаратилсин.

6.  Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, «Жаҳон» ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма йиллиги байрамига тайёргарлик кўриш бўйича амалга оширилаётган ишларни кенг ва мунтазам равишда ёритиббориш тавсия этилсин.

7.   Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (Р. Азимов) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма йиллигига бағишланган тадбирларнинг амалга оширилиши учун зарур маблағларни ўз вақтида молиялаштиришни таъминласин.

8.  Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Тошкент шаҳри, 2011 йил 6 апрель

 
фойдали манбалар
Тошкент Ахборот Технологиялари Университети Фарғона филиали ТАТУ Фарғона филиали
 
INTER-PRESS информационное агенство
Рейтинг@Mail.ru Rambler's Top100